БОШ ПРОКУРАТУРА АХБОРОТИ

БОШ ПРОКУРАТУРА АХБОРОТИ

 

Департаментнинг Бўка тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган текширишда, АТ “Халқ банки” Бўка филиали бошқарувчисининг 1-ўринбосари З.Х. тумандаги “М-Б” деҳқон хўжалигига тегишли бўлган муҳр, штамп ва бошқа ҳужжатларини алдов йўли билан қўлга киритиб, акаси В.Х. билан олдиндан тил бириктириб, сохта шартномалар тузиб ва банк ҳужжатларини сохталаштириб, жами 7 млрд. 1 млн. сўм товар айланмасини амалга ошириб, 1 млрд. 3 млн. сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги аниқланган.

Шунингдек, З.Х. мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, онаси ва амакиси номига 15 млн. сўмдан жами 30 млн. сўм имтиёзли кредит расмийлаштириб, мазкур пул маблағларини “М-Б” деҳқон хўжалиги ҳисоб-рақамига ўтказиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Бундан ташқари, З.Х. ва бошқалар 317,7 млн. сўм пул маблағларини молиявий ёрдам сифатида турли хўжалик юритувчи субъектларга ўтказиб нақдлаштириб олганлиги, АТ “Халқ банки”нинг лотореяларини олиш учун “М-Б” деҳқон хўжалиги ҳисобидан 141,4 млн. сўмни ўтказиб, лотореяларни бозорларда нақд пулга сотганлиги аниқланиб, жами 459,1 млн. сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан, автомашина сотиб олиш учун олинган кредит тўловларини тўлашга ва турар жой сотиб олишга сарфлаб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштирганлар.

Мазкур ҳолатлар юзасидан З.Х. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси, 168-моддаси, 179-моддаси, 209-моддаси ва 243-моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.