БОШ ПРОКУРАТУРАДА ХАЛҚАРО УЧРАШУВ

БОШ ПРОКУРАТУРАДА ХАЛҚАРО УЧРАШУВ

 

2019 йил 19 сентябрь куни Бош прокуратурада БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармаси (БМТ НЖҚБ) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг мониторинг гуруҳи вакиллари билан Марказий Осиё минтақасида фуқоролик жамияти ва ҳусусий сектор вакилларини коррупцияга қарши курашиш ташаббусларига жалб қилиш масалалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда мониторинг гуруҳи таркибида БМТ НЖҚБнинг фуқоролик жамияти гуруҳи раҳбари Мирелла Думмар Фрахи, фуқоролик жамияти дастури гуруҳи ходими Андрес Францен, коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими эксперти Константин Поликарски,  ЕТТБ бош менежери Луиза Балби, БМТ НЖҚБнинг Марказий Осиёда жиноий адолат судлов бўйича дастури халқаро менежери Кун Маркверинг иштирок этди.

Учрашув давомида мониторинг гуруҳига республикамизда олиб борилаётган коррупцияга қарши кураш борасидаги ислоҳотлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Хусусан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналишлар бўйича тараққиёт стратегияси, “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонун, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ижроси ва бошқалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мирела Думмар хоним Ўзбекистонда 2017 йилдан коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Марказий Осиёда коррупцияга қарши курашда фуқоролик жамияти ва хусусий секторнинг салоҳиятини кучайтириш бўйича кичик техник ҳамкорлик лойиҳасини ишлаб чиқиш имкониятларини қайд этди.

Шунингдек, учрашувда Марказий Осиё минтақасида фуқоролик жамияти ва хусусий секторни коррупцияга қарши ташаббусларга жалб қилиш бўйича лойиҳа таклифларини таёрлашнинг кейинги босқичлари ва аниқ муддатлари муҳокама қилинди.