БОШ ПРОКУРАТУРА АКАДЕМИЯСИДА ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

БОШ ПРОКУРАТУРА АКАДЕМИЯСИДА ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

 

2019 йил 30 сентябрь куни Бош прокуратура Академиясида «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» ҳамда Академия магистратурасининг илк ўқув йилига бағишланган очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.

Тадбирда юртимизнинг етакчи таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари, Бош прокуратура раҳбарияти, прокуратура органлари фахрийлари, Академия билан ҳамкорлик қилиб келаётган халқаро ва миллий ташкилотлар, оммавий ахорот воситалари, Бўлажак прокурорлар клуби аъзолари – ТДЮУ ва Тошкент Халқаро Вестминстер Университети талабалари, Академия ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, магистратура тингловчилари, уларнинг ота-оналари ҳамда бошқа меҳмонлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Э.Т.Юлдашев Бош прокуратура раҳбарияти номидан Академия профессор-ўқитувчиларини касб байрамлари билан, магистратура тингловчиларини ўқув йили бошланиши билан табриклади.

Шунингдек, Академияга ташриф буюрган меҳмонлар, магистратура тингловчилари ва уларнинг ота-оналари табрик сўзлари билан чиқиб, магистратурага кириш имтиҳонларининг адолатли ва шаффоф ўтказилганлигини алоҳида эътироф этишди.

Шунингдек, байрам муносабати билан прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ Академия ходимлари фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Очиқ эшиклар кунида меҳмонлар Академия кафедралари, бўлим ҳамда марказлари фаолияти, шунингдек ўқув жараёни ҳамда илмий-тадқиқотларнинг ташкил этилиши билан атрофлича танишдилар.

Хусусан, Академия фаолиятига оид видеоролик намойиш этилиб, Академия биноси бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Экскурсия давомида меҳмонлар суд процесси имитацияси хонаси, криминалистика хонаси ва полигони, электрон тир ва бошқа амалий ҳамда вазиятли машғулотлар ўтказиш учун махсус жиҳозланган хоналар, шунингдек Академия ўқув аудиториялари билан танишишди.

Меҳмонларда шунингдек электрон (масофавий) ўқитиш, воқеа жойини виртуал кўздан кечириш, Академия мультимедиа марказининг имкониятлари қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида қизиқарли бадиий ва мусиқий дастур ташкил этилиб, меҳмонлар иштирокида викторина ва танловлар ўтказилди, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.