ҲАРБИЙ ПРОКУРАТУРА ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА

ҲАРБИЙ ПРОКУРАТУРА ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари томонидан Қуролли Кучларда қонунийликни таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойида ҳарбий прокуратура органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 5 648 нафар ҳарбий хизматчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Мисол учун, Самарқанд шаҳрида ҳарбий хизматчиларга ипотека кредити асосида фойдаланишга топширилган 72 та хонадонларга эгалик ҳуқуқи белгиланмасдан келинаётганлиги аниқланиб, Самарқанд ҳарбий прокуратураси аралашуви билан ушбу уй-жойлар шаҳар ҳоким қарори асосида уларга мулк сифатида топширилиши таъминланди.

Худди шу каби, Чирчиқ ҳарбий прокуратураси томонидан 100 нафар ҳарбий хизматчиларга ипотека кредити асосида берилган уй-жойларга эгалик ҳуқуқи белгиланишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Самарқанд ҳарбий прокуратураси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 22 нафар ҳарбий хизматчиларга, уларнинг хизмат стажлари нотўғри кўрсатилганлиги оқибатида ҳисобланмай қолган
73,4 млн.  сўм миқдордаги қўшимча устама тўловлари тўланиши таъминланди.

Ўтган даврда жисмоний ва юридик шахслардан ҳарбий прокуратурага келиб тушган мурожаатларнинг 2 795 таси бевосита ушбу прокуратурада ҳал қилиниб, 202 таси қаноатлантирилган ва натижада 276 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Масалан, Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан “Ф.И.” МЧЖнинг мурожаатини кўриб чиқиш жараёнида, ҳарбий хизматчиларнинг ушбу корхона олдидаги 18,2 млн. сўмлик қарзи тўлиқ бартараф этилиши таъминланди.

Шунингдек, “Э.Д.” МЧЖнинг Хоразм вилояти Мудофаа ишлари бошқармасидан 17 млн. сўм пул маблағларини ундиришда амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаатини кўриб чиқиш натижасига кўра, Урганч ҳарбий прокуратураси томонидан қарздордан юқоридаги суммани тўлиқ ундирилиши таъминланиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.